Ҳаётда ҳар бир киши касб-корини, турмуш тарзини, бу ёруғ оламда яшашдан мақсад-муддаосини ўзи белгилайди. Кимдир ҳалол меҳнат билан нон топишни, маълум мулкка эга бўлишни, фарзандларини тўғрисўз, адолатли, эл-юрт корига ярайдиган инсонлар қилиб тарбиялашни, жамоада, маҳаллада яхши ном қолдиришни ўйлайди. Бошқа бир киши ҳаётнинг маъно-мазмунини, яшашдан мақсад нима экани тўғрисида деярли ўйламайди, бошини қотирмайди, аксинча, ўткинчи ҳою-ҳавасга, кундалик ҳузур-ҳаловатга, яхши еб яхши ичмоқликка берилади. Бундай кишилар бола тарбиясини, эл-юрт, жамият ва келажак олдидаги ота-оналик, инсоний бурчларини унутишади. Бу ҳам етмаганидек, ўзгаларнинг ютуқларига ҳасад қилишади.