Жисмоний маданият тарихининг илдизлари жамият тараққиётининг жуда узоқ қаърига туташиб кетади, яъни инсоннинг барча ақлий ва жисмоний фаолияти бевосита яшаш шароитини таъминлаш билан чегараланган даврга бориб тақалади. Жисмоний тарбиянинг пайдо бўлиши ҳақидаги масала жисмоний маданият тарихининг энг долзарб муаммоларидан бири бўлиб, принципиал методологик аҳамиятга молик. Бу масалани кўпгина олимлар ўз тадқиқотларида очиб беришга ҳаракат қилдилар. Уларнинг тадқиқотлари мазкур муаммони ўрганиш борасида маълум даражада рол ўйнади.