Инсон ўз ҳаётида болалик давриданоқ бошқа инсонлар билан турли ижтимоий муносабатларга киришади. Инсон ҳаёти бошқалар билан бўладиган турли муносабатларнинг узлуксизлигидан иборат бўлган жараёндир. Ана шу муносабатлар эса ҳар доим ҳам бир текис, силлиқ ва тинч давом этавермайди. Ҳаётнинг бир текис давом этишини турли низо ва зиддиятлар бузиб туради. Биз уларни конфликтлар деб атаймиз. Конфликт лотин тилида “сonflictus” – сўзидан олинган бўлиб, тўқнашув, қарама-қаршилик деган маъноларни англатади.