Амир Темур ҳаёти ва фаолиятини ёритувчи асосий тарихий манбалар бениҳоя кўп ва хилма-хил бўлиб, бу унинг номи, жаҳон тарихидаги роли беқиёс эканлиги ва ғоят машҳурлигидан далолат беради. Бу масалаларга оид манбаларнинг илмий таҳлили жамиятшунос олимларимиз асарларида, айниқса, ўзбек, рус, инглиз тилларида нашр этилган «Амир Темур жаҳон тарихида» номли фундаментал тадқиқотда батафсил берилган.