Қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланади. Бу тармоқ мамлакатимиз аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига, қайта ишлаш саноати тармоқларининг эса хом ашёга бўлган талабини қондириш билан бирга, экспорт салоҳиятини мустаҳкамлашнинг истиқболли манбаларидан бири саналади.
Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш масаласи республикамиз иқтисодиётини ривожлантиришнинг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Мустақиллик йилларида қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш бўйича жуда улкан ва арзигулик ишлар амалга оширилди. Ишлаб чиқаришга янги техника ва технологияларни жорий этиш ишлари йилдан-йилга жадаллашиб, чекланган ер ва сув ресурсларидан, капиталдан ва меҳнат ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги юксалмоқда.