Журналистика замон билан ҳамнафаслик демакдир. Қачонлардир матбуот – одамлар учун энг мароқли овунчоқ ва ҳур фикрлар майдони бўлиб хизмат қилган эди. Вақт ўтиши билан бу хусусиятлар ва омманинг қизиқиши радиога қаратилди. Инсон тафаккури “ойнаи жаҳон” тилсимларига йўл топгани эса ўз-ўзидан телевидение даври, башариятнинг улкан ютуғи сифатида эътироф этилди. Даставвал ниҳоятда ибтидоий кўринишда бўлган оммавий ахборот воситалари хусусан, телевидение замонлар оша ўз қиёфасига эга бўлди, даврнинг энг муҳим воқеликлари, янгиликлари, тафсилотларининг интиқосига айланди.