Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши сувдан фойдаланиш билан бевосита боғлиқ ҳолда фаолият юритади. Республика бўйича экин майдонларини суғориш учун йилига ўртача 55 млрд. м3 сув талаб этилади ва бу миқдордаги сув Марказий Осиё давлатларида истеъмол қилинадиган жами сув ресурсларининг деярли ярмига тенг. Айни пайтда республика қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётган сувнинг 80 фоизидан ортиғи қўшни давлатлар ҳудудларидан оқиб келиши сув режимининг барқарорлигини ташкил этиш имконини чеклайди. Шу боис сувдан тежаб-тергаб фойдаланишнинг иқтисодий аҳамияти жуда юқори бўлиб, бунда ирригация ва мелиорация тармоқларининг фойдаланиш учун яроқлилик ҳолатини сақлаш талаб этилади.