Диссертация мавзусининг долзарблиги ва зарурати. Жаҳонда
сўнгги вақтларда технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришларни
автоматлаштириш соҳасида технологик объектларнинг турли вазифаларга
мўлжалланган адаптив бошқариш системаларини синтезлаш усуллари ва
алгоритмларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу соҳада
берк бошқариш контуридаги динамик объектларнинг параметрларини
адаптив идентификациялашнинг мунтазам алгоритмларини ишлаб чиқиш
муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Шу жиҳатдан динамик объектларни
идентификациялаш ва бошқаришнинг хилма-хил усулларини ишлаб чиқиш
муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Хорижий мамлакатларда, жумладан
АҚШ, Россия, Германия, Япония, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатларда
технологик жараёнларни идентификациялаш, динамик баҳолаш, адаптив
бошқаришнинг назарий масалаларини ечиш ва уларни саноатнинг турли
тармоқларида амалий тадбиқ этишга катта аҳамият берилмоқда.