Тадқиқот ишининг долзарблиги. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида қилган "Бизнинг бош мақсадимиз - жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ этишдир" номли маърузаси мамлакатимизда давом этаётган ислоҳотлар жараёнининг янги даврини бошлаб берди.
Ҳокимиятнинг конституциявий асосда бўлиниш тамойили Асосий қонунимизда мустаҳкамлаб қўйилган. У Конституциянинг 11-моддасида "Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими, ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади" деган қоидада акс эттирилган.