Кафолатли тўловлар - бу ходим қонунчиликда назарда тутилган узрли сабабларга кўра, ўзининг меҳнат вазифаларини бажармаган вақт учун бериладиган тўловлардир. Бундай тўловларни жорий қилишдан кўзланган мақсад, асосан ходим давлат ва жамоат вазифаларини бажарган, шунингдек иш берувчи ва меҳнат жамоаси манфаатлари ҳамда жамият манфаатларига доир ҳаракатлар қилган даврда унинг ўртача иш ҳақини сақлашдан иборатдир. Айни вақтда бу каби тўловлар ходимнинг иш ҳақини камайиб кетишдан сақлаш билан бирга кўрсатилган баъзи ҳолларда уни тўлдириш вазифасини ҳам ўтайди.