Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар замирида
аввало инсон омили, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари олий қадрият сифатида
қаралаётган бугунги даврда ўсиб-улғайиб келаётган ёшларни ҳар томонлама
билимли, маънан ва руҳан соғлом, Ватанга садоқатли фарзандлар бўлиб
етишишида маданият ва санъатнинг роли нақадар муҳим эканлигини тўғри
англамоқ зарур. Зеро, тарихий тараққиёт жараёнлари шуни кўрсатадики,
тинч ва тотув ҳаёт тарзи ҳукмрон бўлган ҳар бир жамиятда маданият ва
санъатга алоҳида эътибор берилган бўлиб, ўз ўрнида мазкур соҳа вакиллари
ҳам даврнинг ижтимоий-маданий ҳаётини белгилаб беришда катта аҳамият
касб этган. Мустақил Ўзбекистон номи билан дунё ижтимоий-сиёсий
ҳаётида бугунги кунда ҳар соҳада мустаҳкам ўз ўрнига эга бўлиб бораётган
Ватанимизнинг эришган барча ютуқлари аввало мана шу икки тарафлама
юксак эътибор ва масълият натижасидир.