Ҳозирги кунда ахборотларнинг мазмунини ҳам, уларни оммавий ахборот тармоқлари орқали тарқатиш усуллари ва йўлларини ҳам назорат қилиш амалда қийин бўлиб бормоқда. Ахборотнинг бундай аралаш-қуралашлиги таъсирида ўқувчининг мустақил равишда тафаккур қилиш муаммоси, унинг қарашлари, қадриятлари ва идеалларининг шаклланиши масалалари ўқувчи онгида ахборот оламини тартибга солиш йўлларини излашни, ахборот билан муомала қилишнинг янги усул ва кўникмалари тизимини ишлаб чиқиш ва шакллантиришни тақазо этмоқда. Ахборот маконининг глобаллашуви ва унинг «очиқлиги» асосида янги билимлар, фактлар, қарашлар, концепцияларнинг оқими шиддат билан ортиб бормоқда ва оммавий ахборот коммуникациялари орқали берилаётган ахборотлардан фойдаланиш муаммоси пайдо бўлмоқда.