Дунёдаги ҳар қандай халқнинг маданий даражасини белгилашда унинг миллий мусиқа мероси етакчи омиллардан бири ҳисобланади. Ҳар бир миллатнинг узоқ асрлар давомида шаклланган ўзига хос миллий мусиқий анъана ва қадриятлари бор-ки, улар ўзининг бетакрорлиги, жозибаси билан жаҳон халқлари томонидан юксак эътироф этилган. Хусусан, халқимизнинг мумтоз мақом санъати ва унинг жаҳон мусиқа тамаддунида тутган ўрни дунё олимлари томонидан ҳамма вақт катта қизиқиш билан ўрганилган.