Ўзбек халқининг беназир, ноёб амалий санъат тури бўлмиш ипак тўқимачилиги мана неча асрлардирки бутун дунёга маълум ва машҳурдир. Бир неча таназзулга учраган ипак тўқимачилик санъати мустақиллик даврига келиб аста секин қайта тикланишни бошлади. Ўзбек халқ амалий санъатининг ёрқин намунаси – анъанавий ипак матоларни тайёрлаш юртимизда кенг ривож топишида Бухоро, Марғилон, Самарқанд, Хива, Қўқон, Фарғона, Наманган сингари шаҳарларда фаолият юритган истеъдодли усталарнинг катта ҳиссаси бор. Жумладан, миллий ипак матоларини тайёрлаш бўйича энг йирик марказларидан бири Марғилонда жойлашган.