Ўзбекистон ҳудудида яшаган энг қадимги аждодларимизнинг либослари ҳам дунёнинг бошқа минтақаларидаги қадимги кишилар кийимлари каби иқлим, турмуш шароити ва уруғ-қабила анъаналари асосида шаклланган. Ўтмиш аждодларимизнинг кийим-кечаги, уларнинг шакллари ва тарихи ҳамда маҳаллий хусусиятлари тўғрисида республика ҳудудида топилган археологик ёдгорликлар, деворий расмлар, ҳайкалчалар, майда нақшлар, торевтика, ёзма манбалар, қўлёзма китобларга ишланган мўъжаз тасвирлар бир қадар тасаввур беради.