Ўзбекистон халқи ғоят бой маданий меросга эга. Бу бойликни дунё тамаддунинг, шубҳасиз, олтин безаги дейиш мумкин. Аммо йиллар ўтиши, урушлар, табиий офатлар, ана шу каби омиллар бебаҳо меросни завол топишига олиб келиши мумкин. Жаҳон аҳли шу боис инсоният яратган моддий ва номоддий бойликларни ҳимоя қилишга, уни асраб-авайлашга уринади. 1972 йил 16 ноябрда ЮНЕСКО томонидан қабул қилинган “Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенция”ни, шунингдек, 2003 йил 15 октябрда қабул қилинган “Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича халқаро конвенция”ни жаҳон халқлари меросини авайлаб асраш йўлидаги ана шундай ибратли тадбирлар сирасига киритсак бўлади.