Халқ эпоси миллатнинг маънавий салоҳияти, маданият даражаси, тафаккур олами, фикр-ўйи, орзу-умидлари борасида маълумот берувчи манба, қимматли ёдгорликдир. Қомусий асар дея қараладиган эпос намуналари халқнинг бой ўтмиши ҳамда унинг камолот сари интилишидаги ўзига хос сифатларини ўрганишга имкон беради ва шу тариқа миллий маданият ва санъат тараққиётига хизмат қилади.