Жаҳон энергетик салоҳиятининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, сўнгги йилларда ёқилғи-энергетика балансида кўмир улушининг ортиши кузатилиб, 2006 йилдаги 26%дан 2030 йилда 29%га ошиши прогноз қилинмоқда. Бир қатор мамлакатларда кўмир нархи нефть ва газга нисбатан анча паст бўлиб, электр энергиясининг кўмир ҳисобига ишлаб чиқариладиган улуши АҚШда 52%ни, Германияда 53%ни, Хитойда эса 78%ни ташкил этади. Истиқболда энергия ресурсларининг анъанавий турлари (нефть, газ ва кўмир) етакчиликни сақлаб қолади ва 2006-2030 йиллар даврида уларга бўлган талаб даражаси 79%гача ўсиб, жумладан кўмирга бўлган талаб 35%ни, газга 24%ни ва нефтга 20%ни ташкил этади.