Бозор муносабатларига ўтиш сабабли корхоналар олдида юзага келаётган қийинчиликларнинг ечими кўп ҳолларда мутахассис маркетолог, менежер ва иқтисодчиларга боғлиқ. Мустақиллигимизнинг дастлабки кунларидан бошлаб барча соҳаларда ислоҳотлар бошланди. Шу қаторда таълим тизимида ҳам ислоҳотлар бошланиб, янги мутахассисликлар ва янги фанлар юзага келди. Янги фанлар қаторидан маркетинг фани ҳам ўрин олди. Бу фан олий ўқув юртларида таҳсил олаётган иқтисодий йўналишдаги барча мутахассисларга ўтилмоқда.