Вилоятда қишлоқ хўжалиги ривожланишининг асосини ташкил этадиган суғориладиган тупроқларда салбий жараёнлар ҳанузгача тўлиқ бартараф этилмаган. Шу сабабли бундай ерларнинг мелиоратив-экологик ҳолатини яхшилаш ва улар унумдорлигини сақлаш ва ошириш шу куннинг энг долзарб вазифалари ҳисобланади.
Ер ресурсларини баҳолаш тизимини самарали ташкил этиш кўп жиҳатдан ер фонди таркибига, ер ресурсларининг ердан фойдаланувчилар, ҳудудлар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорлар ўртасида тўғри ва оқилона тақсимланишига боғлиқ. Шу нуқтаи назардан Қашқадарё вилояти ер фонди ва унинг таркибидаги таркибий ўзгаришларни таҳлил қилиш, уларнинг асосий йўналишларини аниқлаш вилоят ер ресурсларидан самарали фойдаланишда муҳим ўрин тутади.