Бугунги кунда бир қатор ривожланган мамлакатларда қаттиқ маиший чиқиндиларни кў¬миш полигонлари камайтирилаётгани кузатилмоқда ва чиқиндиларнинг кўп қисми иккиламчи хом ашё сифатида қайта ишлаш саноатида фойдаланилмоқда. Жаҳон тажрибасидан маълумки, чиқиндиларни қайта ишлашни йўлга қўйиш орқали ишлаб чиқаришнинг янги тармоғини ривожлантириш чиқиндилар тўпланиши билан боғлиқ турли салбий оқибатларни бартараф этишнинг энг муқобил йўлларидан бири ҳисобланади. Таассуфки, бугунги кунда мамлакатимизда чиқиндиларни утилизация қиладиган ва қайта ишлайдиган корхоналар унчалик кўп эмас. Шунингдек, ҳозирга қадар йирик шаҳар ва туманларда ихтисослаштирилган махсус чиқинди полигонлари қурилиши ва жойлаштирилиши, қолаверса, маиший чиқиндиларни турларга ажратиб йиғиш ва қайта ишлаш каби масалалар ҳам етарлича ҳал этилмаган.