Ҳозирги кунда жаҳонда аҳолининг ичимлик сувига бўлган талабларини қондириш учун ер ости сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. «Жаҳондаги мавжуд сув заҳирасидан 97% шўрланган сувлар бўлиб, 3% чучук сув ҳисобланади. Ичимлик сув манбаининг 68% музликларда жамланган, дарё ва кўллар чучук сув манбаларининг фақатгина 2%ни, яъни 93 минг км3 ташкил қилади. Ичимлик сув манбаининг 30% ер ости гидросферасида жойлашгандир». Шу сабабли ер ости гидросфераси ҳолатини ўрганишда ва ер ости сувларидан самарали фойдаланишда геоахборот тизимлари (ГАТ) асосида харитавий маълумотлар базасини шакллантириш, автоматлашган ўлчов мониторинги, геофильтрация жараёнларни математик моделлаш усулларини такомиллаштириш долзарб масалалардан ҳисобланади. Ривожланган мамлакатларда, жумладан АҚШ, Германия, Канада, Дания, Япония, Франция, Россияда мураккаб гидрогеологик шароитларда юз бераётган ҳодиса ва жараёнларни бошқаришда компьютерлашган ўлчов қурилмалари, ГАТ-технологиялари ва математик моделлаш усулларидан кенг фойдаланилмоқда.