Қишлоқ аҳолиси яшаш шароитларини яхшилаш асосан уларнинг турар-жойларини замонавий иситиш ва иссиқ сув тармоқлари билан таъминлашдан иборат. Ҳар қандай иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти тизимининг вазифаси истеъмолчиларини керакли миқдорда ва талаб қилинган параметрли иссиқлик ва иссиқ сув билан таъминлашдан иборат. Иссиқлик манбаларининг истеъмолчиларга нисбатан жойлашишига қараб иссиқлик таъминоти тизимлари марказлаштирилган ва марказлаштирилмаган турларга бўлинади. Марказлаштирилмаган тизимларда иссиқлик манбалари билан истеъмолчиларнинг иссиқликни қабул қилувчи мосламалари ягона бир қурилмага бирлаштирилган бўлади ёки улар шунчаки ўзаро яқин жойлашган бўладики, иссиқликнинг манбадан истеъмолчига узатилиши оралиқ буғинисиз, яъни иссиқлик тармоғисиз амалга оширилади.