Халқимизнинг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондиришда картошканинг аҳамияти беқиёс. Бу маҳсулотга йил мобайнида талаб катта бўлади. Ана шу талабни тўла қондириш учун деҳқонларимиз кунлар исиши биланоқ картошка экишга киришиб, мўл ва сифатли ҳосил етиштиришлари зарур [1].
Ўзбекистон сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институтида ишлаб чиқилган эртаги картошка етиштиришда қўлланиладиган технологик харитага асосан дастлаб далани жорий текисланади, сўнгра маҳаллий ва минерал ўғитлар далага сочилади ҳамда 27-30 см чуқурликда шудгорланади. Шудгорлашдан ҳосил бўлган марзалар текисланиб, экиш олдидан 2 марта чизеллаш ва молалаш каби агротехник тадбирлар бажарилади. Эрта баҳорда картошка текис ерга ёки пушта олиб экилади.