Ўтказилаётган аграр ислоҳот нафақат бозор иқтисодиётига мослашган ишлаб чиқарувчиларни (фермерларни) шакллантиришни, балки, шунингдек, принципал жиҳатдан ўзга бозор ва ишлаб чиқариш қишлоқ хўжалик инфратузилмасини яратишни кўзда тутади. Унингсиз қишлоқ хўжалигида молиявий барқарор фермерлик тармоғини шакллантириш, демакки, аграр ислоҳотларни ривожлантириш ҳам мумкин бўлмаган бўларди. Фермер хўжаликларига хизмат кўрсатувчи инфратузилмани фермерларнинг бевосита ишлаб чиқариш фаолиятлари кечадиган жойларга яқинлаштириш уларга қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқариш чиқимларини камайтириш, ўз даромадларини кўпайтириш ва шу билан кўрсатилган хизматлар учун ҳақ тўлаш учун молиявий имкониятлар яратади. Инфратузилма объектларини яратиш ширкатларни қайта ташкил қилиш туфайли бўшаётган хизматчиларнинг бир қисмини қишлоқ хўжалиги билан бевосита боғлиқ бўлмаган меҳнат фаолиятига жалб қилиш ва шу орқали аграр ислоҳотларнинг ижтимоий кескинлигини пасайтириш имконини берган бўларди.