Миллий маънавият ҳақида фикр юритар эканмиз, бу тушунчани билиб олишни «миллат» тушунчасини изоҳлашдан бошлаш мақсадга мувофиқ.
«Миллат» сўзи «ўзак», «туб моҳият», «негиз» деган маънони билдиради. «Миллат» сўзи араб тилида қуйидаги уч маънони англатади: биринчи - дин, мазҳаб; иккинчи - уммат; учинчи - халқ, қавм. Миллат сўзи қуръони Каримда ҳам қўлланилган. Қуръонда ҳар бир миллат вакили ўз миллий қадриятларини ривожлантириши савобли иш, ўз миллатидан, қавмидан кечиб, бошқа миллатга ўтиб олиши эса гуноҳ деб таърифланган.
Президентимиз Ислом Каримов ўзининг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида “Маънавият инсонни руҳан покланиш, қалбан улғайишга чорлайдиган, одамнинг ички дунёси, иродасини бақувват, иймон эътиқодини бутун қиладиган, виждонини уйғотадиган беқиёс куч, унинг барча қарашларининг мезонидир»1, - деб таъкидлади. Ҳақиқатдан ҳам маънавият қанчалик юксак бўлса, инсон қалбида жоҳиллик, ёвузлик, худбинлик, ялқовлик каби салбий иллатларга ўрин қолмайди, унинг ўрнида ёшларимиз онгида ватанпарварлик, яратувчанлик туйғулари юксак даражага кўтарилади, ўзаро муносабатларда самимийлик, бирдамлик, меҳр-оқибат, эътиқод, иймон, масъулият ва бошқа бир қатор ижобий фазилатлар халқимиз турмуш тарзининг ажралмас бойлиги даражасида яна ҳам мустаҳкам ўрин олиб бораверади.