Тарбия ва таълимнинг миллий хусусиятлари ҳам маънавий қадриятлар тизимида ўз ўрнига эга. Халқнинг келажаги ёшларга боғлиқ эканлиги қанчалик ҳақиқат бўлса, буларни миллий руҳни тарбиялаш зарурати ҳам умумэътироф этилган дир. Миллий тарбия халқнинг ўз-ўзини сақлаш ва истиқболини таъминлаш омилидир.
Инсон қалбига йўл, аввало, таълим-тарбиядан бошланади, деб таъкидланади китобда. Биз атрофимизда янги авлод, янги тафаккур соҳибларини тарбиялашдек масъулиятли вазифани ўз бўйнимизга олганмиз. Бу ишда ҳар қайси ота-она, устоз-мураббий, маҳалла оқсоқоли ва фаолларининг якдил ва уйғун фаолияти муҳимдир. Зотан, Президент ёзади: “Биз халқимизнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаслиги, фарзандларимизнинг биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлиб яшаши учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этаётган эканмиз, бу борада маънавий тарбия масаласи, ҳеч шубҳасиз, беқиёс аҳамият касб этади. Агар бу масалада ҳушёрлик ва сезгирлигимизни, қатъият ва масъулиятимизни йўқотсак, бу ўта муҳим ишни ўз ҳолига, ўзбўларчиликка ташлаб қўядиган бўлсак, муқаддас қадриятларимизга йўғрилган ва улардан озиқланган маънавиятимизда, тарихий хотирамиздан айрилиб, охир-оқибатда ўзимиз интилган умумбашарий тараққиёт йўлидан четга чиқиб қолишимиз мумкин” (4-бет). Зеро, бу дунёда табиатда ҳам, жамиятда ҳам бўшлиқ бўлмайди.