Буюк мутафаккир ва алломаларимизнинг ислом маданиятини равнақ топтиришга қўшган бетакрор ҳиссаси тўғрисида сўз юритганда энг аввало, ҳақли равишда мусулмон оламида «муҳаддислар султони» дея улкан шуҳрат қозонган Имом Бухорий бобомизнинг муборак номларини ҳурмат эҳтиром билан тилга оламиз. Бу мўътабар зот меросининг гултожи бўлмиш унинг ишончли ҳадислар тўплами «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» китоби ислом динида Қуръони каримдан кейин иккинчи муқаддас манба бўлиб, аҳли ислом эътиқодига кўра, у башарият томонидан битилган китобларнинг энг улуғи ҳисобланади. Мана ўн икки асрдирки, бу китоб миллионлаб инсонлар қалбини иймон нури Билан мунаввар этиб, ҳақ ва диёнат йўлига чорлаб келмоқда.