Президент И.А.Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида инсонларнинг Борлиқ ҳақиқатига муносабатидаги икки хил ёндошув, “бир-бирини инкор қиладиган икки хил ҳаётий қараш” ҳақида гап боради:
“Биринчиси – ўз нонини ҳалол меҳнат билан топадиган, холис ва эзгу ишлар билан эл-юртга наф етказадиган, тириклик мазмунини теран англаб, нафақат бугунги ҳаёт лаззатлари, балки охират ҳақида, унинг обод бўлиши ҳақида ўйлаб яшайдиган инсонларга хос ҳаётий қарашлар.
Иккинчиси – бунга мутлақо қарама-қарши бўлган ёндошув, яъни, ҳаётнинг маъно-мазмуни ҳақида бош қотирмасдан, бундай саволлар билан ўзини қийнамасдан, фақат нафс қайғуси ва ўткинчи ҳою ҳавасга, ҳузур-ҳаловатга берилиб, енгил-елпи умр кечирадиган, ўзининг ота-она ва фарзанд, эл-юрт олдидаги бурчига умуман бефарқ бўлиб яшайдиган одамларнинг фикр-қарашлари.
Мана шундай икки хил дунёқараш асосида пайдо бўладиган оғир саволлар одамзот онгли яшай бошлаган замонлардан буён уни ўйлантириб, қийнаб келади...”
Маълумки, шу кунгача жаҳон илмида “маънавият” ҳодисаси яхлит тушунча сифатида изчил илмий таҳлилга тортилмади. Бу соҳага оид мавжуд изланишлар бошқача тушунчалар ва тизимлар доирасида кечди. Хусусан, Европада инсон маънавиятига оид баҳслар фалсафа ва унинг таркибий қисми ҳисобланган ахлоқшунослик илми доирасида ривожланди. Инсон ахлоқи аслида зоҳирий, аниқроғи, иккиламчи ҳодиса бўлиб, шахс маънавиятининг инсонлар аро муносабатларда намоён бўлишидир. Унинг ботинида маънавий омиллар ётгани туфайли файласуфлар асосан ахлоқнинг ботиний омилларига эътибор қаратганлар. Агар бу соҳадаги Европа анъанасини умумий бир тарзда кўздан кечирадиган бўлсак, ахлоқшунослик илми кўпроқ инсоннинг ирода эркинлиги, ақл ва билим, бахт ва лаззатланишга интилиш, манфаатдорлик каби масалаларга эътибор қаратганлигини кўрамиз.