Электрон тижоратни ривожлантиришга бизнинг мамлакатимизда ҳам кенг эътибор бериляпти. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган Вазирлар
Маҳкамасининг 2014 йилнинг 17 январдаги йиғилишида «Электрон тижоратни ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни жорий этиш муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги пайтда мамлакатимизда 10 миллиондан зиёд пластик карточка муомалага чиқарилган бўлиб, уларнинг қарийб 2 миллион 500 мингтаси онлайн карточкалардир. Бугунги кунда телекоммуникация ва коммунал хизматлар учун тўловларни Интернет орқали тўлаш мумкин. Энг қисқа муддатларда бу борадаги ғов ва тўсиқларни бартараф этиш, ушбу соҳани янада ривожлантириш керак», — деб кўрсатгани мазкур соҳанинг долзарб аҳамиятлилигини ва уни ривожлантириш ҳамда ҳуқуқий тартибга солинишини такомиллаштириш заруратини намоён қилади. Мамлакатимизда ўтказилаётган иқтисодий ислоҳотлар халқ хўжалигининг етакчи соҳаларини либераллаштиришга қаратилган бўлиб, электрон тижорат соҳаси ҳам бундан мустасно эмас ва айнан шу диссертация ишининг долзарблигини белгилаб беради.