Ҳар қандай жамиятнинг тараққиётини, у қайси давр ва қайси тузумга мансуб бўлмасин, адабиётсиз, санъатсиз тасаввур қилиб бўлмаслиги барчамизга кундек равшан. Инсон ижтимоий келиб чиқиши, мартабаси, миллати, ирқи ва жинсидан қатъий назар жамиятдан айро яшай олмаганидек, албатта, санъатсиз ҳам яшай олмайди. Инсониятнинг турли даврларида, у тош давридан то бугунги кунгача бўлган давр бўлсин, инсон зотининг санъатга бўлган меҳри ва қизиқиши доимо мавжуд бўлган ва айнан санъат кишиларнинг маънавий дунёсини бойитишда, уларнинг эстетик дидини шакллантиришда ҳам беқиёс ўрин тутган дейишимиз мумкин. Инсон қадимдан ижодкорликка, санъатга ўзгача меҳр билан қараган. Бунга дунёнинг турли нуқталарида топилаётган қоятошларга чизиб ишланган суратларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Бир неча минг йилликлар давомида, то ХХI асргача бўлган даврда инсон боласи фақат эзгулик, эркинлик, адолат каби асрий орзу-истакларига интилиб яшади.