Мева-сабзавотчилик қуйи тармоғи Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоғи ҳисобланади. Бу тармоқ мамлакат аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига, қайта ишлаш саноати тармоқларининг эса хомашёга бўлган талабини қондиради. Мева-сабзавотчилик Ўзбекистон учун жаҳон аграр ва озиқ-овқат бозорларига интеграциялашувни ва валюта тушумини таъминлаб берувчи тармоқлардан бири ҳисобланади. Кейинги йилларда республикамизда мева-сабзавотчиликни кенг кўламда ривожлантиришга давлат томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.