Ўрмон мелиорацияси – табиатнинг ноқулай омилларини бартараф этишга қаратилган ўрмон мелиоратив тадбирлар асосида эрозияни олдини олиш ҳисобланади. Ўрмончилик ва аҳоли яшаш жойларини кўкаламзорлаштириш мутахассисларини тайёрлаш жараёнида ўрмон мелиорацияси фанининг роли беқиёсдир. Бу бир томондан қишлоқ хўжалиги олий ўқув юртларининг ўрмончилик ва аҳоли яшаш жойларини кўкаламзорлаштириш йўналишларида ўқитиладиган асосий мутахассислик фани бўлса, уни ўзлаштириш талабаларга ўрмончилик, ўрмон селекцияси ва уруғчилиги, аҳоли яшаш жойларини кўкаламзорлаштириш, ўрмон таксацияси ва маданий ўрмонлар каби махсус мутахассислик фанларини самарали ўрганиш учун замин яратади.