Селекцион материалнинг маҳсулдорлиги тез ўзгарувчан белги (хусусият)
бўлиб, уни баҳолаш жуда мураккабдир. Бу хусусият ўстириш шароитига қараб
кескин ўзгаради. Ҳатто битта нав ичидаги ўсимликларнинг маҳсулдорлик бўйича
фарқи жиҳатидан кескин фарқ қилувчи икки навнинг маҳсулдорлиги бўйича
фарқидан ҳам юқори бўлади. Шунинг учун селекцион материални маҳсулдорлик
бўйича баҳолаганда олинадиган маълумотларнинг тўғри бўлишини таъминлаш
мақсадида нав ва номерлар мутлақо бир хил агротехника, тупроқ-иқлим ҳамда
рельеф шароитида ўстирилади. Далалар тупроқ унумдорлиги, ўғит, суғориш
нормалари ва муддатлари бўйича бир хил шароитда бўлиши талаб қилинади.
Ҳатто сезиларли бўлмаган фарқ ҳам ўсимлик маҳсулдорлигидаги катта
фарқланишга сабаб бўлиб, селекция ишида йирик камчиликлар келтириб
чиқариши мумкин. Селекцион материалнинг маҳсулдорлиги ва ҳосилдорлиги
ҳамма вақт дала шароитида бевосита ва билвосита усуллар билан баҳоланади