Мамлакатимизда айнан деҳқон хўжаликларини ривожлантириш учун амалга оширилган чора-тадбирлар натижаси ўлароқ қишлоқ хўжалигидаги уларнинг ўрни ва ишлаб чиқариш кўрсаткичлари мустаҳкамланиб бормоқда. Аграр соҳада деҳқон хўжаликларини янги уклад сифатида шакллантириш ҳақиқий мулкдорлар синфини вужудга келтириш билан бирга бошқа мулкчилик турларига асосланган қишлоқ хўжалик корхоналари билан маълум даражада рақобат муҳитини яратади. Ўзбекистон Президенти И.А.Каримов таъкидлаганидек, “...Мақсад – қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаб чиқариш самарадорлигини кескин ошириш, қишлоқда яшаётган халқимизнинг ҳаёт даражасини кўтариш, улар учун шарт-шароитларни яратишдан иборат бўлмоғи керак... ” . Ҳозирги пайтда мамлакатимиз истеъмол бозорини тўлдириш ва аҳолининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш кўпроқ деҳқон хўжаликлари фаолиятига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Республикамизда кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар асосан халқимиз турмуш даражасини яхшилашга, фаровонлигини оширишга қаратилган. Шу маънода айнан қишлоқ хўжалиги соҳасига берилаётган катта эътибор мантиқан ҳисобласак, тўғридир.