Инсоният нон аталмиш неъмати мукаррам мўъжизани кашф этар экан, бу кашфиётнинг туғилмоғида Тангрининг табиат сир-синоатларидан иборат сабоқлари асосий йўналиш бўлганига шак-шубҳа йўқ. Энг қадимги ибтидоий одамлар ҳам ундириш-ўстириш, яратиш-яшнатиш ҳақидаги илк малакаларни табиатнинг ўзидан ўрганганлар. Бир ниҳолнинг бош кўтаришидан тортиб то мева туккунига қадар ўтган умрини кузатиш, ҳосилидан баҳраманд бўлиш мобайнида ибтидоий аждодларимизнинг содда тасаввурида янги бир мавж уйғонган бўлса не ажаб. Шу аснода энг содда меҳнат қуролларини яратган одамлар биргалашиб яшаш ва меҳнат қилишга одатланишган. Ҳаёт учун кураш, тириклик умидида бирор озуқа ундириш иштиёқи доимий меҳнат жараёнини талаб этган. Бу эса дон ва ноннинг ибтидоси-деҳқончиликнинг юзага келишига сабаб бўлган.