Барчамизга аёнки, куй-қўшиққа, санъатга муҳаббат, мусиқа маданияти халқимизда болаликдан бошлаб, оила шароитида шаклланади. Уйида дутор, доира ёки бошқа чолғу асбоби бўлмаган, мусиқанинг ҳаётбахш таъсирини ўз ҳаётида сезмасдан яшайдиган одамни бизнинг юртимизда топиш қийин, десак, муболаға бўлмайди. Энг муҳими, бугунги кунда мусиқа санъати навқирон авлодимизнинг юксак маънавият руҳида камол топишида бошқа санъат турларига қараганда кўпроқ ва кучлироқ таъсир кўрсатмоқда.