Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузаси. Бош мақсадимиз – мавжуд қийинчиликларга қарамасдан, олиб бораётган ислоҳотларни, иқтисодиётимизда таркибий ўзгаришларни изчил давом эттириш, хусусий мулкчилик, кичик бизнес ва тадбиркорликка янада кенг йўл очиб бериш ҳисобидан олдинга юришдир. Вазирлар Маҳкамасининг бугунги кенгайтирилган мажлиси кун тартибига киритилган асосий масала – Ўзбекистоннинг ўтган 2015 йилдаги иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш якунларини муҳокама қилиш ва 2016 йил учун тараққиёт йўлимизнинг энг муҳим устувор йўналишларини аниқлаб олишдан иборат.