Шаффоф сув томчилари юзига урилгач, сесканиб ўзига келди. Аслида унгача ҳам ўзига эди, фақат нигоҳи бир жойда қотган,
калласи қийшайган ҳолда ерга суяниб ўтирганди. Чамаси уни ҳушидан кетган, деб ўйлашганов! Юзидан оқиб тушаётган сувни сидириб ташлаб, ўрнидан турди
* Худога шукур-эй, нафас олаяпсан экан,биродар! – тепасида қўққайиб турган қоп - қора одам уни турткилади.
Аранг қаддини тиккалаётган У қалқиб кетди.
* Эй,эй, - ҳалиги одам шошиб унинг қўлтиғидан тутди
* Сизга айтдим-ку, бунинг кайфи тарақ, деб –нарироқда турган ўрта ёшлардаги аёл шанғиллади - Тавба, куппа - кундуз куни уялмасдан қийшайиб юришини бу алкашнинг! Айтинг, кетсин бу ердан,болаларимиз қўрқиб уйдан чиқишолмаяпти!