Миллат ва жамиятни диний асосда бўлиб ташлашга қаратилган миссионерлик ҳаракатлари ўзининг узоқ тарихига эга. Глобаллашув шароитида эса у янгича шаклу шамойил ва кенг миқёс касб этиб, жамиятдаги барқарорлик ва тараққиётга таҳдид солмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов таъкидлаганларидек, будай таҳдидларни “...илмий-амалий жиҳатдан атрофлича таҳлил қилиш ва баҳолаш, уларнинг устувор йўналишларини, кимга ва нимага қарши қаратилганини аниқлаш, аҳоли турли қатламларига таъсирини ўрганиш, миллий манфаатларимизга, ҳаёт тарзимизга зид бўлган зарарли ғоялар ва мафкуравий хуружларнинг моҳиятини очиб бериш, фуқароларимиз қалбида миллий тафаккур ва соғлом дунёқараш асосларини мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этади”.