Илм-фан нуқтаи назаридан олам бепоён, чексиз-чегарасиздир (Динларнинг муқаддас китобларида ҳам бу ҳолат эътироф этилади). Фақат бизга кўриниб турган коинотимизнинг ўзида миллиардлаб юлдузлар бўлиб, Қуёш ўртача ҳажмдаги бир юлдуздир. Ана шу сайёра атрофидаги 9 та планетанинг биттаси – Ер улар ичида ўртача ҳажмга эга. Ҳозиргача бизга шу Ердагина ҳаёт мавжудлиги аён. Аммо бошқа юлдуз (қуёш)ларда ҳам ҳаёт бўлиши, ҳатто биз каби онгли мавжудот яшаётганлиги ҳақида гипотезалар бор.
Агар биз ердаги тирик ва нотирик табиатга назар ташласак, бу олам ниҳоятда сирли, мўжизакор эканлиги маълум бўлади. Улар ичида одам зотининг ўзидан-ўзи яралиши ва миллион йиллар давомида эволюцион тараққиёти мўъжизалар мўжизаси, дейиш мумкин. Зеро, барча тирик мавжудотлар Она-табиатга мослашсалар, одам деб аталган ва Ер юзининг барча қитъаларига тарқалган бу битта тур табиатга мослашибгина қолмай, шу билан бирга, табиатнниг ўзини ҳам сифат жиҳатидан ўзгартира оладиган буюк бир қудрат бўлиб майдонга чиқмоқда. Бунга сабаб: унда онг ва у билан боғлиқ равишда руҳнинг мавжудлигидир.