Ҳамид Олимжон ўзбек адабиётида ўзига хос овоз ва услубга эга бўлган шоирлар сирасига киради. У ўз шеърларида фикр, ҳис-туйғу, қалб ҳолатини борича тасвирлашга уринади.
Ҳамид Олимжон ижодий йўлининг иккинчи босқичини уруш йилларидаги асарлари ташкил қилади. Она Ватанни ардоқлаш ҳамма даврлар адабиёти учун муштарак ҳодиса бўлиб, шоир Ватан тимсолини ёр билан бирга қўяди. Унинг ижодида ёр, Ватан ва жангчи тимсоллари муштарак тушунча сифатида талқин қилинади. Хусусан, унинг уруш мавзусидаги “Яқинлик”, “Сен туғилган кун”, “Ниҳол” каби шеърлари Ватан, ёр ва жангчи тимсоли муштараклиги асосида яратилган.