Қишлоқ хўжалик экинларидан юқори ҳосил етиштириб, ҳаражатларни камайтириб маҳсулот таннархини арзонлаштириш учун деҳқончилик маданиятини ошириш, хусусан бегона ўтларга қарши изчил кураш олиб бориш зарур бўлади. Чунки бегона ўтлар кўп миқдорда озиқ элементларни, намликни, ёруғликни истеъмол этиш билан бир қаторда қишлоқ хўжалигига катта зарар келтиради. Улар фақат экинларнинг ҳосилинигина камайтирмай, маҳсулот сифатини ҳам пасайтиради. Маълумотларга қараганда бегона ўтлар Ўзбекистонда йилига 15 -20 % пахта ҳосилини, 20 -25 % сабзавот экинлари ва бошқа экинларнинг ҳосилини камайтирмоқда.