Мавзунинг долзарблиги. Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, мамлакатимизнинг истиқлол даври тараққиёти, миллий қадриятларнинг қайта тикланиши илм-фанимизнинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Мустақиллик ҳаётимиздаги янгиланишларга кенг йўл очиб берди. Биз ўз тарихимизни реал тушуна бошладик, миллийлигимизни англаб етдик. Бу борада ҳукуматимиз томонидан катта ишлар амалга оширилмоқда.
Маълумки, миллий мустақиллигимиз учун кураш ўзбек тилига-миллатнинг асосий атрибути ҳисобланмиш ана шу тилимизга давлат тили мақоми берилиши билан бошланди. Бу борада президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов тилнинг жамият тараққиётидаги ўрни, мавқеи, комил инсон тарбиясидаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратиб шундай дейди: “Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввло, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили - бу миллатнинг руҳидир. Она тилини йўқотган ҳар қандай миллат ўзлигидан жудо бўлиши муқаррар”