Мустақилликка эришганимиздан сўнг ўз сиёсат ва тараққиёт йўлимизни белгилаб олиш олдимизда турган энг долзарб вазифалардан эди. Чунки биз эндигина “қарамликдан озодлик сари” юз тутган ва ҳали ўз тараққиёт йўлимизни белгилаб олмаган эдик. Худди шу вазифани амалга ошириш чегарамиздан ташқарига назар ташлашни тақозо этарди. Бошқа хорижий давлатлар қанақа йўлда кетмоқда, қанақа ижтимоий-сиёсий, иқтисодий-молиявий фаолият юритмоқда, қандай бозор муносабатларини танламоқдалар ва шу каби бир қанча долзарб саволларга жавоб топиш юритилажак иқтисодий ислоҳотларимизнинг пойдеворини ташкил этишда асос бўлишини исбот қилди. Шу мақсадда, жаҳон мамлакатларининг иқтисодиёти, халқаро турдаги иқтисодий фаолиятлар ва жараёнлар ҳамда глобаллашув ўрганиб чиқила бошланди.