Мусаввир Чингиз Ахмаров номи Ўзбекистон саньатининг чақноқ юлдузлари орасида ҳақли равишда энг фахрли ўринлардан бирини эгаллайди.
Бу улкан рассомнинг ажралмас бир қисми бўлиб қолди ва кенг халқ оммасининг олқишига сазавор бўлди.
Атоқли саньаткорнинг истедоди кўп қирралидир. У бадиий адабиёт, тарих, мусиқа, меьморчиликка ҳам қизиқади, шунинг учун унинг дўстлари орасида турли соҳа кишиларини учратиш мумкин. Рассомнинг уйи, устахонаси ҳамиша меҳмонлар билан гавжум: ҳар бир меҳмон республикамиз ранг-баранг ва жўшқин ижодий ҳаётининг элчисига ўхшайди. Хуллас, Чингиз Ахмаровни ёлғиз топиш қийин; қачон қараманг ўртоқлари, ёру биродарлари даврасида – фотомухбир ё шоир, журналист ё меъмор, актёр ё композитор билан қизғин суҳбат қилиб ўтирган бўлади.