Ижро иши юритишни қўзғатиш ижро иши юритишнинг мустақил босқичи бўлиб, унинг вазифаси суд органлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мажбурлов чораларини қўллашнинг қонунийлигини таъминлашдир. Ижро иши юритишни қўзғатиш босқичи куйидаги ҳаракатларни қамраб олади: ундирувчига ёки унинг вакиллига ижро ҳужжатини топшириш, уни суд ижрочисига ижро учун тақдим этиш ва ижро иши юритишни қўзғатиш ёки ижро иши юритишни қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор чиқариш. Ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш суд ижрочисининг ваколатига киради. Суд ижрочиси ижро ҳужжатини, ижрога топшириш муддати ўтмаган ва мазкур ҳужжат қонун томонидан унга қўйиладиган талабларга мувофиқ бўлса, ижро учун қабул қилиб олиши ва ижро иши юритишни қўзғатиши шарт. Агар қонун ҳужжатларида ижро ҳужжатларининг айрим турларига мажбурий иловалар назарда тутилган бўлса, улар суд ижрочисига ижро ҳужжати билан бирга тақдим eтилиши керак.