Ҳазрат Хожа Хасан Андоқий етук аллома, тариқат қутби, валиюллоҳ зот бўлиб, хижрий 462, милодий 1069 (1070) йилда қадимий Кармана, ҳозирги Навоий вилоятининг Қизилтепа туманидаги Андоқ қишлоғида таваллуд топадилар. Ҳазрат Хожа Хасан Андоқий Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг иккинчи халифаларидур. Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг шогирдлари, муридзодалари кўп бўлиб, улардан энг суюклилари Абдуллоҳ Барқий, Хожа Хасан Андоқий, Аҳмад Яссавийлар бўлганлар. Ҳатто қутб ул вали силсилаи шарифда тўққизинчи ҳалқа пири муршиди Хожа Юсуф Ҳамадоний уларни ўзига маънавий фарзанд деб қабул қилганлар. Хожа Юсуф Ҳамадоний «Мен вафот этганимдан сўнг жасадимни Абдуллоҳ Барқий ювсин, Абдухолиқ Ғиждувоний суясин, гўримни Андоқий қазсин, Аҳмад Яссавий гўримда «Ан-назоат»ни ўқиб турсин деб васият қилган эканлар.