Ҳазрат Бадр Ота Занги Отанинг тўртинчи халифаси бўлиб, яссавия тариқатининг етук пирларидан ҳисобланган. Ҳазрат Бадр Ота қ.с.нинг таваллуд топган саналари номаълум бўлиб, тахминларга кўра 1336-37 йилларда вафот этган. Ҳазрат Бадр Отанинг асл исмлари Мавлоно Бадриддин Муҳаммаддир. У кишининг ҳаёти ва фаолияти, тарихи ҳақида Ҳусайн Воиз Кошифийнинг ўғли Мавлоно Фахриддин Али ас-Сафийнинг «Рашоҳоти айнул - ҳаёт», Салоҳиддин Тошкандийнинг «Темурнома», Муҳаммад Тоҳир Ибн Муҳаммад Тайиб Хоразимийнинг «Тазкираи Тоҳир Эшон», Бадр Ота авлодларидан бўлган халифа Абдураззоқ хўжа бини Абдуваҳоб хўжанинг «Китоби баъй» каби асарлар маълумот беради.