Мавзунинг долзарблиги. Географик объектларга атаб қўйилган номлар ўзида нафақат муайян жой тарихи ҳақида маълумот ташийди, шу билан биргаликда, лингвистик бирлик сифатида халқнинг тарихи, маданияти ва маънавияти тўғрисида гувоҳлик бериб туради. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг «Маънавият ўз халқининг тарихини, унинг маданиятини чуқур билиш ва тушуниб етишга суянгандагина қудратли кучга айланади. Тарихга мурожаат қилар эканмиз, бу халқ хотираси эканлигини назарда тутишимиз керак. Хотирасиз баркамол киши бўлмаганидек, ўз тарихини билмаган халқнинг келажаги ҳам бўлмайди» , деган фикрини маънавий меросимиз ва қадриятларимизнинг таркибий қисми бўлган топонимик манбаларни ўрганишда ҳам дастуриламал сифатида қабул қилишимиз лозим бўлади.